+998(71) 245-34-05

ЭЛ БОШИГА ИШ ТУШГАНДА: нуроний онахонлар ибрати…

19.04.2020
Бугунги синовли кунларда кўпчиликка ибрат бўлиб келаётган нуроний онахонларимиз ҳам борлиги барчамизни қувонтиради, албатта.
 
Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга муҳтож ёлғиз кексалар, ногирон ва боқувчисини йўқотган оилаларни қўллаб-қувватлашга доимий эътибор қаратилмоқда. Бундай эзгу ишларда ёши улуғ онахонлар ҳам фаоллик кўрсатиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни аниқлаш ва уларни моддий қўллаб-қувватлашга ҳисса қўшмоқда.
 
Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Нуроний онахонларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Х.Мирзажонованинг айтишича, “Бувижонлар мактаби” республика жамоатчилик кенгаши аъзоси, пойтахтимизнинг Яшнобод туманида яшовчи тадбиркор Озода Алиева ўз шахсий жамғармасидан “Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига 2 миллион сўм, унинг набираси Козимжон Алиев 985 минг сўм ўтказди. Шунингдек, О.Алиева 11 апрель куни Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш республика марказига 1,5 тонна ун, 1,5 тонна гуруч, 1 тонна қанд, 600 литр ўсимлик ёғи, 1 тоннадан зиёд картошка ва пиёз, 600 дона сочиқ хайрия қилган эди.
 
Яна бир фаол онахон – Халқаро тўқимачилик академияси академиги, техника фанлари доктори, профессор Ҳалима Алимова ўз ҳисобидан “Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик” хайрия жамоат фондига ўз жамғармаси ҳисобидан 2 миллион сўм маблағ ўтказди.
 
Сирдарё вилояти Ховос тумани “Истиқлол” МФЙ Минор кўчасида истиқомат қилувчи фахрий ўқитувчи Холжоной Каримжонова ташаббуси билан 40 дан зиёд эҳтиёжманд ва ҳозирги кунда даромадини йўқотган хонадонларга озиқ-овқат жамламалари тақдим этилди. Бундан ташқари онахон Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказига 5 миллион сўм берди.
 
Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Онахонларимиз маҳаллаларда карантин тартибига тўлиқ риоя қилиш, шундай кунларда эҳтиёжманд оилалар рўйхатини шакллантириш ва уларни қўллаб-қувватлаш ишларига ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда.