+998(71) 245-34-05

«Мехр-шафқат ва саломатлик» жамғарма фонди: асосий вазифалари белгилаб олинди

19.02.2015

Атрофдагиларнинг ғамхўрлигига, эътиборига, ёрдамига муҳтож бўлган инсонга яхшилик қилиш, меҳр-оқибат, иззат-ҳурмат кўрсатиш кишига руҳий қувват, маънавий мадад беради. Халқимизга хос бўлган ана шундай эзгу қадриятлар жамиятда ижтимоий бирдамлик, ҳамжиҳатлик тамойилларининг қарор топишига хизмат қилади.

Республика «Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фонди фаолияти ана шу эзгу мақсадларга қаратилгани билан эътиборлидир. Яқинда мазкур фонд васийлик кенгаши ҳамда бошқарувининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда ўтган йилда амалга оширилган ишлар, жорий йилдаги муҳим вазифалар муҳокама этилди.
Йиғилишни Соғлиқни сақлаш вазири, Фонд васийлик кенгаши раиси Анвар Алимов кириш сўзи билан очди:

— Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асоси бўлган «ўзбек модели»нинг тамойилларидан бири кучли ижтимоий сиёсат ҳисобланади. Аҳолининг ижтимоий ҳимоясини таъминлашда нафақат давлат органлари, балки жамоат ташкилотлари ҳам фаол иштирок этиши талаб этилади. «Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фонди бу жараёнда муносиб қатнашмоқда. Хусусан, унинг ўтган йилдаги фаолиятини таҳлил этар эканмиз, бунга яна бир бор амин бўламиз. Фонд томонидан ёрдамга муҳтож кексалар, пенсионерлар, жисмоний имконияти чекланган кишиларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида қатор хайрия тадбирлари ташкил этилмоқда. Кўмакка муҳтож оилалар фарзандлари соғлиғини муҳофаза қилиш, уларни малакали шифокорлар кўригидан ўтказиш борасида ижобий натижаларга эришилди. Даволаш-профилактика муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ишлари учун маблағлар ажратилди.

Кексаларни эъзозлаш йилида ҳам фонд зиммасига катта вазифалар юклатилади. Ёлғиз, кам таъминланган кексалар ҳолидан хабар олиш, уларни ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратиш талаб этилади. Бу ишларни амалга оширишда фонднинг вилоятлардаги ваколатхоналари ҳам ташаббускор бўлишлари лозим.

Ҳозирда республикамиз миқёсида «Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!» акцияси ўтказилмоқда. Акция доирасида уруш ва меҳнат фронти фахрийлари тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилади. Бу ишда нафақат соғлиқни сақлаш тизими ташкилотлари, шу билан бирга, фонднинг барча даражадаги ваколатхоналари иштирок этиши зарур. Бу акциянинг таъсирчанлиги ва самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Йиғилишда «Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фонди бошқаруви раиси Асрор Мирзаҳмедовнинг 2014 йил якунлари юзасидан ҳисоботи тингланди.

— Ўтган йил давомида жамоат фонди ва унинг вилоят, туман ва шаҳар ваколатхоналари томонидан фуқаролар соғлиғини муҳофаза қилиш, беморлар учун малакали шифокорлар маслаҳати ва даволаш ишларини уюштириш, ногиронларни протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари, тиббий анжомлар ҳамда буюмлар билан таъминлаш бўйича бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.

Соғлом бола йилида фонд ҳамда «Ўзбекистон овози» ва «Голос Узбекистана» газеталари ҳамкорлигида «ҲАР ГЎДАКНИ МЎЪЖИЗА ДЕБ БИЛИНГ, ҚУТҚАРИШИ МУМКИН ДУНЁНИ» шиори остида акция ташкил этилди. Акция доирасида Тошкент шаҳри, Бухоро, Андижон, Фарғона ҳамда Қашқадарё вилоятларидаги ногирон болалар интернат-уйларида хайрия тадбирлари ўтказилди. Мазкур муассасаларда тарбияланаётган имконияти чекланган, ўзгалар парваришига муҳтож, ногирон болалар учун дори-дармон воситалари, хўжалик анжомлари, тиббий асбоб-ускуналар ҳамда молиявий ёрдамлар ажратилди. Ушбу мақсадлар учун фонд томонидан қарийб 26 миллион сўмга яқин маблағ сарфланди.

Акцияни ўтказишда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги ЎзХДП гуруҳи аъзолари яқиндан кўмак беришди.

Йил якунларига кўра, жамоат фондининг жами харажатлари 1.241.979.942 сўмни, хайр-эҳсон, ҳомийлик харажатлари эса 1.150.969.115 сўмни, шундан хўжалик харажатлари 7,4 фоизни ташкил қилди.
Жорий йилда олдимизда кенг кўламли вазифалар турибди. Кексаларни эъзозлаш йилида ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтириш, ҳокимликлар, ҳамкор ташкилотлар кўмагида маданий-маърифий тадбирларни тизимли равишда ўтказиш, соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол иштирок этиш, даволаш-профилактика муассасаларини керакли асбоб-ускуналар билан жиҳозлашга муносиб ҳисса қўшишимиз керак.

Йиғилишда намунали ҳудудий ваколатхоналар иши эътироф этилди, сусткашликка йўл қўяётганларининг фаолияти танқидий-таҳлилий кўриб чиқилиб, зарур тавсиялар берилди.

Тадбирда, шунингдек, Тошкент шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси, халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси Фарида Абдураҳимова, Фонд васийлик кенгаши аъзоси Мухтор Усмонхўжаев, «Ногиронлар» жамияти Тошкент вилоят бўлими раиси Йўлдош Ёқубжонов, «Ўзбекистон овози» ва «Голос Узбекистана» газеталари Бош муҳаррири биринчи ўринбосари Фаррух Ҳамроев ва бошқалар сўзга чиқиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Нурали ОРИПОВ,
«Ўзбекистон овози» мухбири